Қуриб қолди бир парча япроқ
Ҳатто шамол менсимай қўйди,
Йиғлаб дерди босиб қалтироқ:
Нега дунё юзин угирди?
Ғунча эдик қаддимиз тетик
Нолиш эмас, ҳикоя тингланг!
Доно тутмас қулоғин бекик,
Завол эмас, ҳикматни танланг
Авайландим ҳали ўсмасдан,
Нафис гўзал малак тимсоли,
Ўтмасдилар менга боқмасдан
Меҳр туйдим ғунча мисоли
Улашардим бор ифоримни
Гўзаллигим тараннум этдим,
Мақтардилар ҳолу боримни,
Севги ила поғона тутдим.
Не замонки севилмоқ учун
Қурбон қилиб ҳадя этдилар
Чирой бермак аҳдида инчун
Энг кўримли жойда тутдилар
Даврон ўтди келди паришон
Сарғаймоқлик замони етди
Бор чиройга йўқ энди ишонч
Хушбўй ҳиднинг асари битди
Не аҳволки ҳолимга боққил
Алданмагин дўнё дастидан
Бир ибратки ўрган эй оқил
Дунё эрур ҳикмат аслидан
Кекаймагин ҳамон ҳолингга
Дунё эрур ўткинчи асли
Шукур айла бир бор борингга
Ҳар йилни-да бордир куз фасли.
Saturday, April 17, 2010
Subscribe to:
Post Comments (Atom)
No comments:
Post a Comment